АҚШ сенатининг разведка бўйича қўмитаси яқин вақтлар ичида мамлакат президенти Дональд Трампнинг собиқ давлат раҳбари Барак Обама сайловолди жараёнлари вақтида унинг телефон қўнғироқларини кузатишга буйруқ бергани ҳақидаги маълумотни ўрганади.

4 март куни Трамп ўз твиттерида Обамани яна бир бор айблади.

«Даҳшат! Ғалабам арафасида Обама Трамп минорасига менга қарши «қўнғиз»лар ўрнатганини ҳозиргина билдим. Ҳеч нарса топилмаган. Бу маккартизм!», — деб ёзди у.

«Муқаддас сайловлар жараёнида менинг телефонларимни эшитиб туришга қарор қилган бўлса, президент Обама қанчалик пасткашлик қилибди-я! Бу Никсон/Уотергейт. Ёмон (ёки касал) одам!», — деб ёзди Трамп бошқа бир твитида.

Маълумот учун, Уотергейт можароси 1972 йилда, «Уотергейт» меҳмонхонасида яширин равишда эшитиш қурилмаларига эга бўлган бир гуруҳ кишиларнинг қўлга олинганидан сўнг рўй берган. Суриштирув жараёни президент Ричард Никсоннинг маъмурияти ўз хизмат ваколатини кўп бора суиистеъмол қилганини кўрсатди ҳамда бу унинг лавозимини тарк этишига туртки берди.

Дональд Трамп унинг телефонлари ҳақиқатан ҳам эшитилгани юзасидан ҳеч қандай далил-исбот тақдим этмаган. Президентнинг ходимлари ҳам унинг айбловлари нимага асосланганини тушунтириб бера олмаган.

«Мен у (Трамп) нима ҳақида гапираётганини тушунмаяпман. Балки президентда бизга (сенаторлар) маълум қилинмаган маълумот бордир. Агар бу тўғри бўлса, биз буни тезроқ билишимиз керак, агар ундай бўлиб чиқмаса, у (Трамп) нега бундай деганини тушунтириши керак», — деди АҚШ сенатининг разведка бўйича қўмитаси аъзоси, президентлик сайловида республикачилар партиясидан номзод сифатида қатнашган Марко Рубио CNN телеканали эфирида.

У тез орада бунинг тагига етилишини қўшимча қилган.

Барак Обаманинг матбуот котиби Дональд Трамп 2016 йилдаги президентлик сайловлари олдидан унинг телефони тинглангани ҳақидаги гапларига изоҳ бериб, на президент ва на Оқ уйдаги бошқа амалдор АҚШ фуқаролари ортидан кузатув олиб боришга буйруқ бермаганини маълум қилди.