Тошкент вилоятида хонадонларга совчи бўлиб келган “овчи” қўлга олинди

Жамият 05 Март 2017 63874

Ота-боболаримиздан қолган энг яхши удумлардан бири қобил фарзандлар тарбиялаб, уларнинг бахту иқболини кўришдир. Бекобод туманида яшовчи Мактуба Арслонова ҳамда Мубина Туропова (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг ҳам қизлари балоғатга етгач, эшик қоқиб, сўраб келувчиларнинг кети узилмай қолди, деб ёзади “Постда” газетаси.

Одатдаги кунларнинг бирида Мактубахон уй юмушлари билан шуғулланиб турганда кўча эшигини кимдир қаттиқ тақиллатади. Очиб қараса, хушрўйгина жувон жилмайиб турарди.

Ҳол-аҳвол сўрашишгач, ўзини Барно деб таништирган жувон совчиликка келганини айтади. Меҳмон уйга таклиф қилингандан кейин хонадон соҳибаси бўлажак куёвнинг маълумоти, қаерда ишлаши, ота-онаси, қисқаси, аждодини суриштириб кўргач, маъқул келганини изҳор этиш мақсадида чой қўйиш учун ошхонага чиқади.

Уйда хонадон соҳибасидан бошқа ҳеч ким йўқлигини сезган “совчи” пайтдан фойдаланиб сервантдаги қимматбаҳо тилла тақинчоқлар, телефон ва бошқа қимматли нарсаларни олиб, сумкасига жойлаб қўяди. Бироздан сўнг чой кўтариб кирган Мактубахон ҳеч нарсани сезмайди. Иккаласи анча суҳбатлашиб ўтиргач:

-  Қизингизни танимасам ҳам суратидан кўриниб турибди, хушрўйгина экан, укамга ана шундай келин қидираётгандик. Майли, энди мен борай, ўзим сизларга қўнғироқ қилиб, тўй кунини белгилаб оламиз, - дея Барно чиқиб кетади.

Мактубахон хурсандчилигини яширолмай кечки пайт оила аъзолари дастурхон атрофида жам бўлгач, янгиликни уларга айтади.

...Қимматбаҳо буюмларни хамирдан қил суғургандай ўғирлаб чиққан Барно кўчада ҳеч ким йўқлигидан қувониб, тўғри Бекобод шаҳридаги ўзи яшаётган хонадонга йўл олади. Қўлга киритган нарсаларни сумкасидан чиқариб ҳисоб-китоб қилиб кўрса, каттагина қийматга эга экан.

“Буларни бирор заргарга топширсам анчагина нақд пул қилиб берса керак”, - дея кўнглидан ўтказади у. Кейин бозорга чиқиб ўғирлаган буюмлари орасидаги қимматбаҳо телефонни арзимас пулга сотади ва уч-тўрт кун ўзига ўхшаганлар билан айш-ишрат қилади. Бир куни пули тугаб қолганини кўриб, ўйлаб қолади.

“Нима қилсам экан? Эски режа иш берармикин”, - деб бу гал ҳам Бекобод туманига келади. Эски танишларидан бирига учраб, яқин-атрофда бўйи етган қизи бор хонадонларни суриштиради. Керакли маълумотни олгач, “Авангард” фермерлар уюшмасида истиқомат қилаётган Мубина Туропованинг хонадонига боради. Ўзини Лайло деб таништириб, совчиликка келганини айтади ва уйга киради.

- Қизимиз мендан кўра, кўпроқ аммасининг тарбиясини олган. Шу сабабли у кишининг олдидан бир карра ўтмасак, инсофдан бўлмаса керак, - дейди М.Туропова.

Иккаласи биргаликда туман марказида яшовчи Роҳилахонникига келишганда фирибгар “совчи” ҳайратдан лол бўлиб қолади. Ушбу хонадон соҳибаси тадбиркорлик билан шуғулланиб, ҳалол меҳнат ҳисобига ўз шароитларини яхшилаб олганди. Учаласининг бўлажак ёш оила ҳақидаги суҳбатлари узоққа чўзилмади. 

- Яна бир карра ўйлаб кўрайлик, сўнг бир хулосага келамиз, - деди Роҳилахон.

Аввалги галдаги сингари бу ерда иши тез битмаган фирибгар ночор уйдан чиқиб кетаркан, хонадондаги тўкин-сочинликни кўз ўнгидан кеткиза олмай: “Қачон бўлмасин барибир бу ерга қайтиб келаман”, дея кўнглидан ўтказади...

Ёзнинг жазирама кунларидан бирида Роҳилахон дўконни қулфлаб, тушлик қилиш учун уйига келганида кўча эшигини очиқ қолдиради. Бир неча кундан буён шу атрофда пайт пойлаб юрган фирибгар “совчи” учун эшик очиқ қолгани айни муддао эди. Шу боис у сездирмай хонадонга киради. Уй соҳибасини уйқу элитганидан фойдаланиб ишга киришади ва 7 миллион сўмликдан зиёд моддий бойликларни олиб жуфтакни ростлайди. Кейинроқ воқеадан хабар топган Роҳилахон Бекобод тумани ИИБга ариза билан мурожаат этади. Тезкор ходимларининг саъй-ҳаракати туфайли жиноятчи қўлга олинади.

Воқеа шу билан тугаса-да, ўқувчида совчи бўлиб кетган “овчи” ким экан, деган фикр туғилиши табиий. Бу тўғрисида, яхшиси аниқ маълумотларга эътибор қаратсак, ўринли бўларди. Асли Оққўрғон туманида туғилиб ўсган Зайнаб Бадриева (исм-шарифи ўзгартирилди) айни пайтда 35 ёшда. Мактабда ўқиган даврда ҳам, ҳаётда ҳам ўз ўрнини тополмаган бу жувон эсини танигандан буён ўзгаларнинг мулкини талон-торож қилиш, фуқароларга озор етказиш билан шуғулланади. Қилмишлари учун дастлаб, жиноят ишлари бўйича Оқолтин туман суди томонидан икки йилга озодликдан маҳрум этилади.

Белгиланган муддатни ўтаб чиққандан сўнг ҳам ўзгармади ва яна жиноятга қўл уриб, Ўзбекистон ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “б” банди билан айбдор деб топилган, аммо амнистия актига асосан жавобгарликдан озод қилинганди. У кейинчалик қайта жиноят содир этганлиги боис жиноят ишлари бўйича Бекобод туман судининг қарорига кўра, уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг ажрими билан ўталмай қолган 2,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси иш ҳақидан давлат фойдасига 20 фоиз ушлаб қолиш шарти билан ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилади.

Аммо у бу жазони умуман ўтамади. Аксинча, жиноят устига жиноят қилиб одамларга зарар етказди. Халқимизда “Кўза кунда эмас, кунида синади”, деган мақол бежиз айтилмаган: жиноят ишлари бўйича Бекобод туман суди яқинда бу фирибгар аёл устидан ҳукм ўқиди. Энди унинг бир неча йиллик умри тиканли симлар ортида ўтади. 

Кун янгиликлари
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 8821 Ўзбекистон
«Биринчи зарбада тиззаларигача, иккинчи зарбада белларигача». Лотин ва кирилл атрофидаги гаплар
17:30 / 16.08.2017 42998 Ўзбекистон
Дори қути ортига яширинган сир: тиббиётдаги яна бир "ўйин” фош этилди
17:20 / 16.08.2017 69431 Ўзбекистон
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 40163 Lifestyle
50 минг сўмлик купюра чиқиши инфляцияга таъсир кўрсатадими? Экспертлардан баҳсли фикрлар
КХДР Хитойдан озиқ-овқат маҳсулотлари импортини бир неча баробарга оширди
14:48 321 Жаҳон
Африканинг энг бой одами АҚШ ва Европага 50 млрд доллар сармоя киритади
14:46 938 Жаҳон
Камқонликда озиқланишнинг уч қоидаси 
14:26 2706 Жамият
Мирзиёев Қозоғистон мудофаа вазири билан ҳарбий ҳамкорликни муҳокама қилди
Януковичга давлат томонидан тақдим этилган адвокат уни ҳимоя қилишдан бош тортди
13:32 2192 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар