Fox News телеканали журналисти Ҳизер Нойерт АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби лавозимини эгаллади. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбасига асосланган ҳолда Bloomberg агентлиги хабар тарқатди.

Ҳозирча тайинлов ҳақида расман эълон қилинмади.

47 ёшли Нойерт Дональд Трампнинг севимли теледастури бўлмиш тонгги Fox & Friends дастурини олиб борарди.

Агентлик суҳбатдошининг аниқлик киритишича, Нойерт хонимни лавозимга тайинлаш қарори шу ҳафтада қабул қилинган.

Нойерт Давлат департаментининг ҳар ҳафта ўтказиладиган брифингларида чиқиш қилади. Трампнинг инаугурация маросимидан олдинроқ тўхтаб қолган бундай брифинглар 6 март кунидан давом эттирилади.

Қайд этилишича, Трампнинг қизи Иванка бизнесида муаммолар пайдо бўлиб, ҳамкорлар унинг бренди билан алоқаларни уза бошлаганида Нойерт уни твиттерида қўллаб-қувватлаган ҳамда сиёсий қарашларини яшириб ўтирмаганди.

Қайд этиш керакки, Fox телеканали ходими ҳукуматда лавозимга олиниши бўйича бу илк ҳолат эмас. Ўтган ҳафтада телеканалнинг бошқа бир журналисти Жонатан Вахтел АҚШнинг БМТдаги миссиясида лавозимга тайинланганди.