Сурия Ҳарбий ҳаво кучларининг 4 март куни кечқурун Туркияда қулаб тушган самолёти уриб туширилганди. Бу ҳақда омон қолган учувчига асосланиб, Aksam газетаси хабар ёзди.

Учувчининг кўрсатмасига кўра, у Суриянинг Латақия базаси ҳудудидан парвоз қилган ва Идлибдаги жангариларнинг объектларига зарба бериш учун йўл олган. Аммо у вазифани бажариш вақтида жангарилар томонидан уриб туширилган. Шу билан биргаликда самолётни қайси гуруҳ уриб туширгани номаълум бўлиб қолмоқда.

Нашр маълумотига кўра, самолёт қулаётганда катапульта қилиниб, Туркия ҳудудида, Хатай вилоятининг жанубий қисмига тушган учувчи бир неча жойидан жароҳатланган. Унинг баъзи суяклари синган ва юзи йиртилган.

Бундан олдинроқ, Туркия бош вазири ўринбосари Нуриддин Жаникли ҳодиса тафсилотлари маълум бўлмагунча, учувчи Сурия ҳукуматига қайтарилмаслигини маълум қилганди.