Британиялик руфер (турли бино ва иншоотларнинг томига чиқишга қизиқувчилар) Жеймс Кингстон Дубайда хавфли трюкларни амалга оширгандан кейин 24 соатга полиция томондан ушлаб турилди ва кейин қўйиб юборилди, деб хабар бермоқда Gulf News нашри. 

Полициячилар Кингстонни 4 март куни ушлашган ва 5 март эрталаб қўйиб юборишган.

25 ёшли йигит бошқа бундай хавфли трюкларни амалга оширмасликка тилхат ёзиб берган. Унинг ушланишига Youtube’даги каналида у Дубайдаги қурилиш майдончасидаги баланд кранга чиққани видеоси сабаб бўлган. У бу қилмиши билан қонунни бузган.

Полиция вакилларининг айтишича, йигит нафақат ўз ҳаётини, балки бошқаларнинг ҳаётини ҳам хавф остига қўйган, чунки уларнинг устларига тушиб кетиши мумкин бўлган.

Дубайда шунга ўхшаш воқеа қишда россиялик модел Виктория Одинцова билан ҳам содир бўлган. Қиз Instagram’да 73-қаватли бинонинг четида туриб ўзини орқага ташлаётгани ва унинг қўлидан бир йигит ушлаб тургани видеосини жойлаштирган. Сўнгра қиз янада хавфлироқ ҳаракатни амалга оширган: у бино чеккасидан тушиб, ҳамроҳининг қўлидан ушлаб ҳавода осилиб турган. Бундан кейин Дубай полицияси қизни чақиртириб, бошқа бундай хавфли ишларни қилмасликка ваъда бериш ҳақида тилхат ёздириб олган.