Дунёда фаолият юритувчи энг қадимги авиаташувчи кема ҳисобланувчи, Ҳиндистон ҳарбий-денгиз кучларининг "Вираат" кемаси ҳисобдан чиқарилди, унинг кейинги тақдири яқин ойларда ҳал қилинади.   

Кема билан хайрлашиш маросими Мумбайда бўлиб ўтди. Шом вақтида авиаташувчи кемада ҳарбий-денгиз кучларининг байроғи туширилди. Маросимда ҳарбий-денгиз кучларининг бошлиғи Сунил Ланба, кеманинг собиқ сардорлари иштирок этишган.

Бу орада кеманинг кейинги тақдири борасида аниқлик йўқ. Ланбанинг айтишича, бу борада бир нечта вариант мавжуд. Улардан энг пессимистик вариант уни утиллаштириш ҳисобланади. Бу агар кемага 4-6 ой ичида харидор топилмаса юз беради. 

Яна бир вариант шундан иборатки, кема музей ва сайёҳлар ташриф буюрадиган жойга айлантирилади. Ланбанинг айтишича, кема сайёҳлар дайвинг-сессиялар вақтида ўргана олишлари учун чўктириб юборилиши мумкин.

Бундан ташқари, Андхра-Прадеш штати ҳукумати кемани меҳмонхонага айлантириш истагини билдирган. Бироқ бу лойиҳа 150 млн долларга баҳоланган. 

"Вираат" 27800 тонна сув сиғимдорлигига эга бўлиб, қуролланишга 1987 йилда олинган ва "Викрамадитья" кемаси (Россиянинг собиқ "Адмирал Горшков" кемаси) келмагунча, яъни 2013 йилгача Ҳиндистон ҳарбий-денгиз кучларининг байроқдор кемаси бўлган. 

"Вираат" ҳам хориждан – Буюк Британиядан келтирилган. Буюк Британия ҳарбий-денгиз кучларида у Hermes номи билан маълум бўлган ва 1959 йилдан 1984 йилгача қуролланишда бўлган.

Шу тариқа, кема деярли 60 йил, улардан 30 йил Ҳиндистонда фаолият юритган. Бу вақт ичида кема 1,1 млн км сузиб ўтган, бу эса 27 марта дунёни тўлиқ айланиб чиқиш билан баробардир. Гиннесс рекордлар китобига кўра, "Вираат" ҳарбий флот хизматида бўлган энг қадимги авиаташувчи кема ҳисобланган.