Эрдўған Германияни нацизмда айблади, Берлин жавоб қайтарди

Жаҳон 06 Март 2017 9433

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Германия Федератив Республикасининг расмий Анқарага нисбатан олиб бораётган сиёсатини нацизмга тенглаштирди.

«Германия демократия йўлидан оғиб кетди, улар ҳозир амалга ошираётган хатти-ҳаракатлар демократия эмас. Бу нацизмдан фарқ қилмайди», — деди Туркия президенти.

У бу фикрни ГФРда турк жамоатчилиги митинг ўтказиши тақиқланганига жавобан айтиб ўтди. ГФР ўтган ҳафтада Туркияда келиб чиқишига кўра германиялик бўлган журналист ҳибсга олинганидан кейин шундай қарорга келганди. Ушбу журналистни Эрдўған «немис агенти» деб атаган.

Германия ҳукумати ва сиёсатчилари Эрдўғаннинг баёнотига кескин муносабатлар билдиришмоқда.

Хусусан Германия Адлия вазири Хайко Мас Эрдўғоннинг гапларини «разил ва номақбул» деб атади ҳамда «уларни энг қатъий тарзда рад этиш»га чақирди.

Бундестагдаги Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) фракцияси етакчиси Фолькер Каудер ҳам турклар президентининг баёнотини қоралаб чиққан.

«НАТО аъзоси бўлган давлат президенти НАТОдаги иттифоқчисига бундай муносабатда бўлиши — ўта номақбул ҳолатдир», — дея депутатнинг сўзларини келтирган ARD.

Ўз навбатида ХДИ етакчиси ўринбосари Юлия Клёкнер Эрдўған узр сўрашини талаб қилган. 

Христиан-социалистлар иттифоқи бош котиби Андреас Шойер Passauer Neue Press газетаси учун берган интервьюсида Туркия президентининг баёнотини «Босфордаги ашаддий золимнинг маккарона чиқиши» деб атаган.

«Нацистларга тенглаштириш кишининг ғазабини келтиради. Бу абсурд фикр», — дея қайд этган у.

Берлин ва Анқара  муносабатлари 2016 йилнинг ёзида Туркиядаги давлат тўнтаришига уринишдан кейин таранглашди. Ўшанда ГФР Туркия ҳукуматини исёнчиларга нисбатан ҳаддан ташқари шафқатсиз муносабатда бўлишда айблаганди.

Кўпроқ янгиликлар