Грузия тоғларидаги Quadrum меҳмонхонаси эски юк контейнерларидан қурилган ўзига хос эҳромни эслатиб юборади. Уни яратган меъморлар Сандро Рамишвили ва Ираклий Эристави илҳом манбаи сифатида Юқори Гудаури курорти ландшафтини тилга олишган.

Улар иш жараёнида экологик соф материаллардан фойдаланишган. Ҳар бир хонадан тоғларнинг ажойиб манзарасини кўриш мумкин.

Меҳмонхона тоғ чанғи спорти ва йога ишқибозлари бўлган кишиларни, шунингдек, тинч ҳордиқни севадиган шахсларни ўзига таклиф этади.

Quadrum – юк контейнерларидан қурилган биринчи меҳмонхона эмас. Хитой ва Буюк Британияда ҳам шундай масканлар бор. Грузиядаги меҳмонхона улардан шаҳарлардан узоқда ҳамда баландликда жойлашгани билан фарқ қилади – у денгиз сатҳидан 2200 метр тепаликда қурилган.