Франциянинг Peugeot ва Citroen автомобилсозлик корхоналари эгаси бўлган PSA компанияси Германиянинг Opel ва Британиянинг Vauxhall фирмасини 1,3 млрд евро эвазига харид қилиш бўйича келишувга эришди, деб хабар қилмоқда Bloomberg агентлиги. General Motors компанияси ўзига тегишли бўлган мулкларни сотишга қарор қилган.

GM автокомпаниялар билан бирга Европадаги молиявий фаолият билан шуғулланувчи  шўъба корхонасини ҳам 900 млн евро эвазига PSA компаниясига сотади. Шундай қилиб, битимнинг умумий қиймати 2,2 млрд еврони ташкил этади.

Таъкидланишича, GM Opel компаниясини 90 йил мобайнида назорат қилиб келган. Немис компанияси 2016 йилга белгиланган вазифаларни бажара олмагач, бренддан воз кечишга қарор қилинди. Умуман, ушбу компания 2009 йилдан бери 9 млрд доллар зарар келтирган, деб хабар қилади Bloomberg.

Peugeot эгасининг тахмин қилишича, компаниялар бирлашганидан сўнг, 2026 йилга келиб йилига 1,7 млрд евро тежай бошлайди. Opel эса 2020 йилдан бошлаб даромад келтира бошлаши керак. 

GM компанияси эса, Opel брендини сотиш орқали олинадиган 2 млрд долларга яқин маблағ ўз акцияларини харид қилишга йўналтирилади, деб ишонмоқда. Америка корпорацияси, шунингдек, PSA акцияларини ҳам харид қилиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, иккала компания ҳам Holden ва Buick компанияларини ишлаб чиқаришни давом эттиради.

PSA ва Opel ўртасидаги битим Европа бозорида Volkswagen компаниясидан кейин иккинчи ўринда турадиган энг йирик ўйинчи пайдо бўлади. PSA ва Opel ушбу бозорнинг 16 фоизини назорат қилади. Volkswagen 24 фоиз улушга эга, деб қайд этади Bloomberg.