Исроил шимолидаги араблар яшайдиган Жатт шаҳри муниципалитети марказий ҳукумат талаби билан Фаластиннинг марҳум етакчиси Ёсир Арофат номига қўйилган кўчадан унинг номи ёзилган табличкаларни олиб ташламоқда. 

Исроил бош вазири 5 март куни "исроилликлар ва яҳудийларнинг қотиллари" хотираларини абадийлаштирувчи топонимлар (жойлар номи) пайдо бўлишига йўл қўймаслигини айтган.

"Менинг талабим билан Жаттнинг маҳаллий кенгаши Ёсир Арофат номи ёзилган кўча белгиларини олиб ташлашга қарор қилди", деб ёзган Исроил ички ишлар вазири Арье Дери твиттерда. 

Дери вазирлик кўчанинг қайта номланишига русхат бермагани ва шу сабабли ушбу ном расмий рўйхатларга киритилмаганини маълум қилган. "Гаарец" нашрининг ёзишича, Арофат номли кўча Жаттда 2008 йилдан бери мавжуд бўлган, бироқ марказий ҳукумат бундай кўчанинг борлигини Исроил армияси ногиронлари уюшмаси мурожаатидан кейингина билган.

Фаластин миллий маъмурияти асосчиси ва биринчи раҳбари Ёсир Арофат ўнлаб йиллар Исроилга қарши олиб борилган курашдан кейин у билан музокаралар столига ўтиргани учун 1994 йилда тинчлик бўйича Нобель мукофотига лойиқ топилган.