Франциянинг амалдаги президенти Франсуа Олланд «Миллий фронт» партияси етакчиси Марин Ле Пен бўлғуси президентлик сайловларида ғолиб чиқишига қаршилик қилмоқчи. У бу сиёсатчи ўз ўрнини эгалламаслигини таъминламоқчилиги ҳақида Le Monde газетасига берган интервьюсида маълум қилган.

«Таҳдид мавжуд. Францияда ўта ўнг кучлар обрўси кейинги 30 йил ичидаги энг юқори даражага чиққан. Аммо Франция таслим бўлмайди», дея жавоб берган президент журналистнинг сайловда «Миллий фронт» номзоди ғолиб чиқиши эҳтимоли ҳақидаги саволига.

«Агар «Миллий фронт» номзоди ғолиб чиқадиган бўлса, у мамлакатни ЕИдан олиб чиқиш жараёнини бошлайди. Унинг бу мақсади популизмдир: Европани тарк этиш, дунёдан ажралиб олиш ва чегараларга миноралар ўрнатиш орзуси», дея давом этган президент.

«Менинг бош мақсадим - Францияни бу лойиҳа бўлмағур лойиҳа эканига ишонтириш учун барча ишни қилишдир», дея якунлаган Олланд.

Францияда президентлик сайловларининг биринчи тури 23 апрель куни бўлиб ўтади. Агар унда номзодларнинг ҳеч бири кўпчиликнинг овозини қўлга кирита олмаса, 7 май куни энг кўп овоз олган икки номзод иштирокида иккинчи тур сайловлари ўтказилади.

Сўровномага кўра, Марин Ле Пеннинг Франция президентлиги учун сайловда ғолиб чиқиш имконияти ошган. OpinionWay компанияси ўтказган сўров натижасига кўра, сайловнинг биринчи турида Ле Пен хоним 26 фоиз олади. Иккинчи ўринни 22 фоиз овоз билан Франциянинг собиқ иқтисодиёт вазири Эммануэль Макрон эгаллайди, собиқ бош вазир Франсуа Фийон эса учинчи бўлади (21 фоиз).

Сайловнинг иккинчи турида эса Эммануэль Макрон ғолиб чиқади. Сўров натижаларига кўра, сайловчиларнинг 63 фоизи Макронга овоз беради, 37 фоизи эса Марин Ле Пенни танлайди.

Агар «Миллий фронт» етакчисининг рақиби Макрон эмас, балки Франсуа Фийон бўлиб чиқса ҳам, хоним барибир мағлуб бўлади — сўров натижаларига кўра, сайловчиларнинг 58 фоизи Фийонга, 42 фоизи Ле Пенга овоз беради.