Остонада Сурия бўйича учрашув 14-15 март кунлари бўлиб ўтиши тасдиқланди

Жаҳон 06 Март 2017 3042

Остонада Суриядаги вазиятни ҳал қилиш бўйича янги учрашув 14-15 март кунлари бўлиб ўтади, унинг шакли ва даражаси сулҳга кафил бўлган давлатлар томонидан муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазири Қайрат Абдраҳмонов душанба куни маълум қилди.

"Кафил-давлатлар Остонадаги учрашув бўйича маслаҳатлашувларни ўтказиш муддати юзасидан музокаралар олиб бормоқда. Дастлабки маълумотга кўра, Женевада маълум қилинган – 14-15 март кунлари сақланиб қолмоқда", - деди ТИВ раҳбари.

Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, Сурия мухолифати вакиллари бир қатор масалалар бўйича ўз ташвишларини билдиришган. "Мен Женевада мухолифатнинг бир неча вакиллари билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдим, улар айни дамда сулҳ режими бўйича эришилган келишувларга тўла амал қилинмаётганидан ташвишда. Уларнинг фикрича, шунингдек ҳарбий асирларни озод қилиш, сулҳ режими доирасига тушган туманларни аниқлаш масаласи ҳам мавҳумлигича қолмоқда. Биз бу қарашни кафил-давлатлар вакилларига етказдик", - дея хабар берди Абдраҳмонов.

Қозоғистон пойтахтида Суриядаги вазиятни ҳал этиш бўйича сўнгги халқаро учрашув 15-16 февраль кунлари бўлиб ўтди. Иштирокчилар ўт очишни тўхтатиш режими ва Женевадаги Сурия бўйича маслаҳатлашувлар истиқболларини муҳокама қилишди. Қозоғистон пойтахтида сулҳга кафил-давлатлар (Россия, Эрон, Туркия), шунингдек Иордания, АҚШ ва БМТ, расмий Дамашқ делегациялари ва қуролланган мухолифат вакиллари иш олиб борди.

Кўпроқ янгиликлар