Педагоглар қайта тайёрлов ва малака ошириш курсларидан онлайн тарзда ўтишлари мумкин бўлади

Жамият 06 Март 2017 7461

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 февралидаги 103-сонли қарорига мувофиқ, олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари қайта тайёрлов курслари ва малака ошириш тўғрисидаги Низомига тузатишлар киритилди. Бу ҳақида Norma.uz сайтида хабар берилди. 

Унга кўра, олий таълим муассасаларидаги раҳбар ва педагог кадрларнинг қайта тайёрлов ва малака ошириш курслари ўқув дастурларини такрорий ўзлаштириши уларнинг асосий фаолиятидан узилмаган ҳолатда мустақил равишда ёки масофадан ўқиш усуллари асосида амалга оширилади. 
 
Масофадан ўқитиш усулларига асосланган такрорий курсларнинг ўқув машғулотлари онлайн- ва оффлайн-шаклда ташкил қилинади. Бироқ тингловчиларни баҳолаш вазифаси (жорий назорат) фақат онлайн-шаклда ташкил этилади. 
 
Қайта тайёрлов ва малака ошириш курслари ўқув дастурларини мустақил ёки масофавий таълим технологиялари асосида ўзлаштираётган тингловчилар якуний аттестацияга қўйилади. Якуний аттестация олий таълим муассасалари қошидаги аттестация комиссиясида ўтказилади. 
 
Узрсиз сабабларга кўра, ўқув машғулотларини ўтказиб юборгани учун қайта тайёрлов ва малака ошириш курслари тингловчилари қаторидан чиқариб юборилган олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагогик кадрлари пулли асосда курсларни ўташлари керак бўлади. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш такрорий курслари 288 соат ҳажмида ташкил этилади. 
 
Бундан ташқари, энди олий таълим муассасаларининг педагогик ходимларига асосий иш жойи билан меҳнат шартномасини тўхтатилган кундан бошлаб 1 йил давомида пулли асосда қайта тайёрлов ва малака ошириш курсларидан ўтиш рухсат этилади. 
  
Ҳужжатга шунингдек бошқа баъзи ўзгаришлар ҳам киритилган. 
 
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан "Ўзбекистон Республикаси Қонунчилиги" ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин. 

Кўпроқ янгиликлар