Россияда Ўзбекистон фуқароси АЁҚШга ҳужум ташкиллаштирди

Жамият 06 Март 2017 21418

Россиянинг Новосибирск шаҳридаги Первомайск туманида дўкон, АЁҚШ ва ломбардга босқинчилик йўли билан ҳужум қилишда гумонланганлар қўлга олинди.

«Дўконни ўмаришда гумонланганлар қўлга олинди. Бу воқеа 18 январь, тунги соат 3 да рўй берган. Уч шахс қирқма милтиқ билан кириб келган, улардан бири пулларни беришни талаб қилган. Хуллас, 25 мингни олиб, қочиб кетишди», - дея хабар берди Первомайск тумани полиция бўлими вакили НГС.НОВОСТИ мухбирига.

Эҳтимолий босқинчиларга қўшни уйларда ўрнатилган кузатув камераларидаги видеони ўрганиш орқали чиқишган. «Ёзувларда жиноятчилар аввалдан тайёргарлик кўргани, қаердан келгани кўринди, шунингдек юз қиёфаларини ҳам фарқлаш мумкин. Яна бир жуда муҳим ҳолат – улардан бири телефонда гаплашаётганини кўрдик. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ёзувдаги аниқ вақтни кўрсатиб, уяли алоқа операторига мурожаат этишди ва телефонни яхширин равишда эшита бошладилар. Маълум бўлишича, жиноятчиларнинг 2 нафар ҳамтовоғи ҳам бўлиб, АЁҚШ ва дўконга ҳужум қилишга тайёргарлик кўришган», - дея айтиб ўтишган кўчадаги кузатув камераларига эгалик қилувчи корхона вакиллари.

Полициячилар бир ой давомида телефон суҳбатларни эшитишди, бироқ АЁҚШ ва бошқа дўконларга ҳужумлар доимий равишда ортга сурилиб келган, дея айтиб ўтган полициядаги манба.

Якунда гуруҳ аъзолари ўз турар-жойларида қўлга олинди.

Полиция маълумотига кўра, гуруҳнинг икки аъзоси маҳаллий фуқаролар бўлиб, аввал босқинчилик, ўғирлик ва автомобиль олиб қочиш учун судланишган. Уларга Ўзбекистон фуқароси раҳбарлик қилган. Барча қўлга олинганларнинг ёши – 30гача. Полициядаги манбанинг айтишича, гуруҳ таркибида иккита маълумот етказиб берувчи ёш қизлар ҳам бўлган.

Первомайск туман полициясининг хабар қилишича, гуруҳнинг эҳтимолий раҳбари АЁҚШни тунашда ўз айбини тан олган, бу ҳолат ўтган йилнинг декабрида Октябрьск туманида рўй берган.

Кўпроқ янгиликлар