3 март куни Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг ўттиз тўртинчи сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти расмий сайтида хабар берилган.

Депутатлар сессия кун тартиби ва иш тартибини тасдиқлагач, дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича комиссиянинг вилоят ҳудудий комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги масалани муҳокама этишган.

Кун тартибидаги иккинчи асосий масала бўлмиш – аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ҳамда дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ этишга кўмаклашиш, шунингдек, бу соҳада депутатлар ва жамоатчилик назоратини самарали амалга ошириш чора-тадбирлари ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилган. 

Бу борада айни пайтда соҳада олиб борилаётган ишлар ҳақида дастлаб вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Жўраев ахборот берган.

«Сессияда ташкилий масала кўрилди. Депутатлар вилоят ҳокимининг Эгамбердиев Баҳромжон Ниғматовични вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимидан озод этиш ҳақидаги қарорини тасдиқладилар.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан вилоят Кенгашининг қарорлари қабул қилинди», дейилган хабарда.