Сурияда россиялик генерал минага дуч келиб портлаб кетди

Жаҳон 06 Март 2017 18829

Ўтган ҳафтада Пальмира учун жанг вақтида Ғарбий ҳарбий округ штабининг жанговар ҳарбий тайёргарлик бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Петр Милюхин минага дуч келган.

Хабарларга кўра, генерал икки оёғи ва кўзидан ажралган. Хмеймимдаги базада унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Аҳволи кескин ёмонлашгач эса уни махсус рейс орқали Москвага келтиришган ва Бурденко номидаги бош ҳарбий клиник госпиталига жойлаштиришган.

Тиббиёт ходимлари унинг аҳволи ҳақидаги маълумотларни ошкор этишмаган.

Милюхин Суриядаги жанглар вақтида жароҳатланган илк россиялик генерал бўлди.

Россия ҳарбийлари Милюхиннинг жароҳати ҳақида расмий баёнот бермаган.

Расмий маълумотларга кўра, Россия Сурияга кириб, ИШИДга қарши ҳарбий амалиётлар бошлаганидан буён (2015 йилнинг 30 сентябри) 30 нафар ҳарбийсини йўқотди. Ўтган йилнинг декабрида Ҳалабдаги отишмалар вақтида россиялик полковник Руслан Галицкий оғир жароҳат олган ва кейинроқ госпиталда жон берганди. 2017 йилнинг февралида эса 4 нафар ҳарбий маслаҳатчи машинада кетаётганида минага дуч келиб портлаб кетди.

Шу билан бирга Британиянинг Sky News телеканали 2016 йил августида "Вагнер" ҳарбий кампаниясида иштирок этган собиқ икки жангчи билан интервьюни эълон қилганди. Улар Суриядаги ҳарбий ҳаракатлар вақтида 600 нафаргача россиялик ҳарбий ҳалок бўлгани ҳақида айтишган.

Россия ҳукумати Сурияда қанча ҳарбийси жароҳат олгани ҳақида маълумот бермайди.

ИШИД Пальмирани 2015 йил майида босиб олганди. 2016 йил мартида Россия ҳаводан қўллаб-қувватлаб турган Сурия ҳукумати қўшинлари шаҳарни озод қилди. Аммо 2016 йил декабрида суриялик ҳарбийлар шаҳарни жангариларга ташлаб чекинди. 2 март куни эса шаҳар яна қайтариб олинди.

Кўпроқ янгиликлар