Ўзбекистонда 2017 йил 1 апрелидан бошлаб алкоголли ва тамаки маҳсулотлари учун янги намунадаги акциз маркалари муомалага киритилади, эскилари бекор қилинади.  

У Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 февралдаги «Алкоголли маҳсулотларга ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркаларини жорий этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ жорий этилади. Қарор алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва сотилишига йўл қўймаслик юзасидан назоратни янада кучайтириш мақсадида қабул қилинган. Қарорнинг тўлиқ матни Lex.uz сайтида эълон қилинган

Унга кўра, алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотларига елимланадиган акциз маркаларининг янги дизайни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва «Давлат белгиси» давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. 

Таъкидланишича, янги намунадаги акциз маркалари амалиётга киритилганидан 9 ой ўтгач, эски намунадаги акциз маркаларига эга барча алкоголли ва тамаки маҳсулотлари маркаланмаган деб ҳисобланади ва қонунда белгиланган тартибда олиб қўйилади. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси 2018 йил 1 январдан бошлаб эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотларини аниқлаш, уларнинг олиб кирилиши, ишлаб чиқарилиши ҳамда улгуржи ва чакана савдо тармоғида сотилишининг олдини олиш, шунингдек ушбу маҳсулотларни белгиланган тартибда олиб қўйиш чора-тадбирларини кўра бошлайди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига янги намунадаги акциз маркалари жорий этилиши тўғрисидаги ахборотни алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва савдо ташкилотлари эътиборига етказиш вазифаси юкланган. 

Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов зиммасига юклатилган.