Россиянинг "РЖД Логистика" компанияси ("РЖД" компанияси шўъба корхонаси) индивидуал ишлаб чиққан технологияси бўйича Ўзбекистонга тезюрар Talgo-250 поездини етказиб берди.

Поезд ва махсус таркиб Санкт-Петербургдаги станциядан 28 февралда кечки вақт йўлга тушиб, Ўзбекистон темир йўлининг Ўртаовул станциясига 4 март куни етиб келган. Йўлга кетган вақт 4 кунни ташкил қилган. Ушбу поезд Санкт-Петербург портига Испаниянинг Бильбао портидан денгиз ташувчиси орқали етказилган ва бунга 8 кун кетган.

Talgo-250 ўз ўқларида, бироқ электр тармоққа уланмаган ҳолда, яъни ўчириб қўйилган тормозлар билан ташилган. Поездга ҳаракатни локомотив таъминлаган, уни тормозлаш учун поезднинг бошида ва охирида жойлашган мотор-вагон таркиби қўлланган. Поезднинг ташқи кўринишига шикаст етмаслиги учун у картон билан қоплаб чиқилган. Ташиш жараёнини Ўзбекистон, Россия ва Испаниядан техниклар ва ҳамроҳлик қилувчи ходимлар бригадаси назорат қилиб борган.  

2017 йил апрелда иккинчи Talgo‑250 поезди ҳам худди шу йўл билан олиб келиниши кутилмоқда.