Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтанинг жума куни 3та шаҳарда мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳайкалини ўрнатиш ҳамда Самарқандда ёдгорлик мажмуасини қуриш бўйича лойиҳалар билан танишди.

Ислом Каримов узоқ йиллар фаолият олиб борган Оқсарой қароргоҳида Ислом Каримов хайрия жамоат фонди ва унинг номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси фаолият кўрсатади. Қароргоҳ қаршисидаги майдонга эса биринчи президент ҳайкали ўрнатилади.

Шавкат Мирзиёев бу ерда ўзбекистонликлар ва хорижий меҳмонларда ҳайкал пойига гуллар қўйиш ҳамда Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишиш имконияти бўлиши ҳақида гапириб ўтди.

«Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастурида намойиш этилган эскизларга кўра, ҳайкал олдида Ўзбекистон обидалари макетлари хиёбони барпо этилади. Макетлар орасида Самарқанддаги Регистон, Шаҳрисабздаги Амир Темур майдони, Тошкентдаги «Ўзбекистон» форумлар саройи ва бошқалар бор.