Ўзбекистонлик спортчилар 2-5 март кунлари ҳар йили АҚШнинг Оҳайо штатида бўлиб ўтадиган машҳур Arnold Sports Festival спорт мусобақасида иштирок этишди. 

Arnold Sports Festival АҚШнинг энг нуфузли спорт фестивалларидан бири саналиб, шахсан Арнольд Шварценеггернинг ўзи бу мусобақани бевосита қўллаб-қувватлаб келади. 

Шуниси қувонарлики, мазкур нуфузли мусобақада ўзбекистонлик спортчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, шарафли ўринларни забт этишди. 

Жумладан, Фаррух Ниязимбетов Arnold Sports Festival спорт мусобақасининг самбо тури бўйича барча рақибларни ортда қолдириб, фахрли биринчи ўринни эгаллади ва жаҳон чемпионига айланди. 

У Кун.uz нашрига берган интервьюсида ўз ҳаяжонини қуйидагича изоҳлайди: 

"Мен мусобақанинг Самбо йўналишида иштирок этдим ва биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлдим. Энг қувонарлиси, Арнольд Шварценеггернинг шахсан ўзи мен билан учрашиб, қўлимни сиқди. Унга Ўзбекистон номидан иштирок этаётганимни айтиб ўтдим. Бу дамда қалбимда ўтган ҳиссиётларни тушунтириб бериш жуда қийин. Барча қўллаб-қувватлаган инсонларга миннатдорчилигимни билдираман".

Эслатиб ўтамиз, мазкур нуфузли мусобақанинг масрестлинг йўналишида яна бир ўзбекистонлик спортчи Олеся Гуреева шарафли биринчи ўринни қўлга киритди ва жаҳон чемпионига айланди.