АҚШ давлат департаменти террорчилик ва жиноий гуруҳлар ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолда ўз фуқароларини бошқа давлатларга, жумладан Европага боришнинг хавфларидан огоҳлантирди. 

"Террорчилик ҳужумлари, сиёсий ғалаёнлар ва зўравонлик ҳаракатлари ҳеч қандай огоҳлантиришсиз юз бермоқда, АҚШ фуқароларига жуда огоҳ бўлиш ва сафарлари чоғида хавфсизлик масалаларида ўз хабардорликларини ошириш мақсадида чоралар кўришлари қатъиян тавсия қилинади", дейилган давлат департаменти тарқатган ҳужжат матнида. Унда таъкидланишича, АҚШнинг хориждаги ҳукумат муассасалари "вақти-вақти билан ёпилиб туриши ва хизматлар кўрсатишни тўхтатиши" мумкин, элчихоналар ва консулликлар бундай ҳолатларда америкаликларни қўллаб-қувватлаш учун барча имкони бор ишни амалга оширишади.  

Огоҳлантиришда дунёнинг турли ҳудудларида дуч келиш мумкин бўлган хавфлар рўйхати келтирилган. Давлат департаментининг таъкидлашича, "хорижий жангарилар Сурия ва Ироқдан ўз ватанларига қайтганлари сайин террорчилик гуруҳлари Европага ҳужумларни режалаштиришни давом эттирмоқдалар". Бундан ташқари, баъзи одамлар ИШИД ташвиқотига таъсирчан бўлишлари мумкин. Экстремистлар шунингдек Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Афғонистонда фаол ҳаракат қилишади.