Андижон шаҳрида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётган бўлса-да, 2017 йилнинг 2 ойида 183 та жиноят содир этилган. Шунингдек, 6 та ўта оғир турдаги жиноят, 13 та оғир турдаги жиноят ҳолати қайд этилган. Бу ҳақда Андижон шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати Кун.uz’га хабар бермоқда.

Жиноят турларидан оғир тан жароҳати етказиш 5 та, фирибгарлик 31 та, ўғирлик 44 та ҳолатда содир этилган. 

Ушбу жиноятларнинг содир этилиш вақти ўрганилганида аксарият тан жароҳати ва ўғирлик билан боғлиқ жиноятлар куннинг 2-яримида, яъни соат 20.00дан, эрталаб 06.00га қадар амалга оширилгани аниқланди.

Жиноятлар таҳлилига кўра, 18 дан 30 ёшгача бўлган шахслар томонидан 48 та жиноят содир этилиб, ушбу жиноятларда 71 нафар шахс қатнашган. Улардан 11 тасида эса аёллар иштироки кузатилган.

Таҳлиллардан келиб чиққан ҳолда келгусида тунги вақтларда жиноятчиликни олдини олиш, профилактик огоҳлантирув ишларни кучайтириш борасида патруль-пост нарядларига кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда алоҳида тақсимот асосида иш ташкил этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.

Жумладан, Андижон шаҳар худудида 12 та қўрғон ҳудудлари ташкил этилган бўлиб, биринчи навбатда, криминоген вазияти оғир бўлган жойлар аниқланди. Аксарият тан жароҳати ва ўғирлик билан боғлиқ жиноятлар тунги вақтларда содир этилаётганлиги инобатга олиниб, ҳар бир ҳудудга алоҳида патруль нарядлари тақсимоти ва иш тартиби ишлаб чиқилди.

Тақсимотга кўра 19 та йўналиш бўйича тунги хизматга жалб этилган ходимларга Андижон шаҳар ички ишлар бошқармасида ҳар куни соат 20.00да кечки йўриқномага асосан мақсадли вазифалар белгилаб берилмоқда ва эрталаб 06.00га қадар хизмат олиб борилиши ташкиллаштирилмоқда.

Профилактик тадбирларда жами 12 та ҳудудга 19 тезкор гуруҳ, ППХ ва ЖТСБнинг 12 та авто ва 7 та пиёда патруль гуруҳи 19 та йўналишда хизмат олиб боришмоқда.

Олиб борилган тадбирлар давомида тунги вақтда бемақсад юрган 400 нафардан зиёд фуқаро билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг барчасини бармоқ излари олинди. Ноқонуний равишда қиморхона ташкил қилган 2 та ҳолат аниқланди. Ҳуқуқбузарлик содир этилишига йўл қўйган 20 нафар зиёд фуқарога нисбатан маъмурий тартибда чоралар кўрилиб, жамоат жойларида спиртли ичимлик истеъмол қилган 6 нафар фуқаро тиббий ҳушёрхонага жойлаштирилган.