Бир кишига 5 килодан ортиқ мумкин эмас: Душанбеда картошка инқирози

Жамият 07 Март 2017 16286
Фото: Sputnik

Тожикистоннинг айрим бозорларида, масалан, Шоҳмансур бозорида картошка савдосига чеклов киритилди — бир киши кунига 5 килодан ортиқ сотиб олиши мумкин эмас, деб хабар бермоқда Sputnik Тожикистон.

Душанбе шаҳри озиқ-овқат бозорларида картошка нархи деярли икки бараварга ошиб кетди — энди харидорлар бир кило картошка учун камида 4 сомоний (0,50 доллар) тўлашлари лозим. “Икки кун илгари картошканинг килоси 2,8 сомоний эди”, дейилади хабарда.

Сотувчилар нархларнинг кескин ошишига Сўғд вилоятидан пойтахтга озиқ-овқат маҳсулотлари қийинчилик билан келтирилаётгани, Душанбе-Чанак йўлининг бир ойдан буён қор кўчкилари остида қолганлиги сабаб бўлди дейишмоқда.

Картошканинг сифати ҳам ҳаминқадар: жуда майда ва чириган. Баъзи сотувчилардан Тоғли Матчон туманидан қийинчилик билан келтирилган сифатли картошкани топиш мумкин.

Хабарда айтилишича, “сотувчилар картошкани олиб-сотарлар сотиб олмаслиги учун ҳушёр туришибди. Кеча Душанбедан 225 км узоқликда жойлашган Жирғатолдан келтирилган майда картошкаларни кейинчалик қимматроққа сотиш учун 2,80 сомонийдан сотиб олишга уринган эркак ушланди”.

Бозордаги сотувчилар айнан мана шундай картошкани ғамлаб олишган ва энди бир кишига кунига атиги 5 килодан сотишга мажбур.

"Ҳозир 17 тонна захирамиз бор. Ишқилиб, Худо вазиятни ўнглагани рост бўлсин. Агар об-ҳаво яна бир ҳафта бугунгидай қуёшли бўлиб турса, нархлар жойига тушади ва олдингидек яхши картошкани 2,50-2,80 сомонийдан сотиб олиш мумкин бўлади. Ҳозирча бори билан кифояланамиз", — дейди Шоҳмансур бозори директори Саиджалол Мўминов.

Унинг айтишича, шаҳарда картошка инқирози йўқ, шунчаки яхши, "одамларбоп картошка" тақчиллиги сезилмоқда.

"Биз аҳоли бир лаҳзада картошкасиз қолмаслиги учун бу муаммони ҳал қилишга уринмоқдамиз. Шунинг учун Жирғатолдан келтиряпмиз. Йўл ва қор кўчкилари муаммоси бартараф этилгач, яна Матчондан картошка келтирамиз. Ҳозирча унинг нархи жуда қиммат. Бизнинг бозоримизда янаям арзон, агар сал нарироқдаги бозорларга борсангиз, матчон картошкасини 4 сомонийга ҳам топа олмайсиз. У ерларда бу картошка анча қиммат", — деган бозор директори.

Тожикистонда февраль охирида кейинги 30 йилдаги энг кучли қор ёғинлари сабабли 100га яқин қор кўчиш ҳодисаси юз берди.

Табиий офатлар нафақат иқтисодий зарар етказди, балки инсонлар қурбон бўлишига ҳам сабаб бўлди. Икки юздан ортиқ машина қор "қопқон"и остида қолди, Душанбе ва Хўжанд ўртасидаги транспорт қатнови вақтинча тўхтади.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 6 март куни Ўзбекистон Тожикистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Инсонпарварлик ёрдами таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббиёт буюмлари, қурилиш материаллари, кўмир, иссиқ кийим ва биринчи эҳтиёж учун зарур бошқа товарлар бор. 

Кўпроқ янгиликлар