Дунёда энг оғир аёл ҳисобланувчи мисрлик Имон Аҳмад Аб Ал Атий Ҳиндистондаги шифохонада 3 ҳафта ичида 100 кг га озди. Бу ҳақда 7 март куни Hindustan Times нашри маълум қилди

Аёл бариатрик (семизликни жарроҳлик йўли билан даволаш) операция олдидан ўтказилган оқсил ва озиқа тўқималарига бой суюқ парҳез ҳисобига вазн ташлашга муваффақ бўлди. Шифокорлар 36 ёшли аёлни ирсий таҳлил натижалари олингандан кейин операция қилишмоқчи. 

Операция, парҳез ва физиотерапия эвазига аёл 6 ой ичида 200 кг га озиши кутилмоқда. Даволаш якунига келиб у яна ўтира олиши ва мустақил равишда овқатлана олиши керак.

2016 йил декабрда Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Сушма Свараж Имонга виза олишда кўмак бергани маълум қилинганди. Аёл ҳаддан зиёд семизлиги туфайли кўп йиллар давомида каравотдан тура олмаган ва Ҳиндистоннинг Мисрдаги элчихонасига шахсни тасдиқлаш учун бора олмаган. Шунда Свараж хайрихоҳлик кўрсатиб, Имонга виза олишда ёрдам кўрсатган. Жорий февралда аёл Ҳиндистонга даволаниш учун юк самолётида етказилган.    

Аёлнинг безлари яхши ишламаслиги сабабли унинг танаси ҳаддан кўп суюқлик тўплайди. Бундан ташқари, аёл паразитик нематодалар (қуртлар) билан чақирилган элефантиаздан (фил касаллиги) азият чекади. Имон 11 ёшлигидаёқ 500 кг тош босган. Шу сабабли у ҳаракатланиш қобилиятини йўқотиб, ўшандан бери Искандариядаги уйидан ташқарига чиқмаган.