Женева автосалонида Hyundai’нинг FE Fuel Cell концепти жаҳон премьераси бўлиб ўтди. У маркадаги водород йўлтанламаснинг келажакдаги серияси ҳақида тушунча беради. Нусха 800 километрлик йўл захирасига эга.

Концепт Корея маркасининг 2020 йилга қадар 14та янги экомоделларни чиқариш бўйича глобал дастури доирасида тайёрланди. Бугунги кунда Hyundai’да битта ix35 серияли йўлтанламаси бор ҳамда у водородли ёқилғидаги куч қурилмасига эга.

Серияли ix35 қуввати 136 от кучи бўлган электр двигатели ва литий-ионли аккумуляторлар билан жиҳозланган. Унга қувват кислород ва водород ўртасидаги кимёвий реакция натижасида ишлаб чиқарилади. Йўлтанламас ёқилғини қайта қуймай туриб 594 километр йўл юриши мумкин, максимал тезлиги эса соатига 161 километрга тенг.

Hyundai’га кўра, концептнинг куч қурилмаси водородли ix35’га қараганда 20 фоизга енгилроқ, бироқ шу билан бирга, 10 фоизга самарали ҳамда 30 фоизга кучлироқ. Компания тизим ҳақида аниқ маълумотни келтирмади.

Нусханинг яна бир ўзига хос жиҳати юкхонадаги махсус қувватлантириш станциясига эга электр самокатининг борлигидир. У қисқа масофаларга сайр қилишда, масалан, автомобиль тураргоҳидан ишгача ишлатилиши мумкин. 

FE Fuel Cell концептининг қисман давоми бўладиган серияли янгилик 2018 йилда пайдо бўлади.