Infiniti компанияси Швейцариянинг Женева шаҳрида очилган 2017 йилги моторшоу вақтида Q50 русумли янгиланган спорт-седанни тақдим этди.

Японияликларнинг бу автомобили қатор инновацион технологиялар билан бойитилган ҳамда унинг ташқи ва ички дизайни тамомила янгича кўринишга эга бўлган. 

Infiniti Q50 моделининг сотуви дунё бўйлаб жорий йилнинг иккинчи чорагида бошланади. Ишлаб чиқарувчи томоннинг қайд этишича, янгиланган ташқи дизайн автомашинани спорт автомобиллари тоифасига киритиш имкониятини беради. Унинг ички кўриниши ҳам таҳсинга лойиқ бўлиб, юқори сифатли хом ашёдан ясалган.

Бундан ташқари,  Infiniti  ўз брендлари орасида илк маротаба ушбу моделини ProPilot технологияси билан жиҳозлади.

Европада автомобиллар ProPilot технологияси билан 2019 йил мавсумидан бошлаб ишлаб чиқарилади.  Infiniti  бундан буён барча автомобилларини ProPilot  дастури билан таъминлаган ҳолда сотувга чиқаришни мўлжалламоқда. Бу дастур тўғридан-тўғри бошқарув тизимига мослашиш, йўл чизиқларидан чиқиб кетмаслик, оралиқ масофани назорат қилиш, автоҳалокатлар ва тўқнашувлардан сақланиш ҳамда интеллектуал круиз контрол каби қўлайликларни ўз ичига олади.

Infiniti Q50 мотори ҳам спорт седанлари каби супер кучга эга. Хусусан, 400 от кучига эга бўлган автомобилга VR янги авлод моторлари тоифасига мансуб V6 русумли 3,0 литр ҳажмли битурбин двигатель ўрнатилган.