Малайзия бош вазири Нажиб Раззоқ КХДРдан ўз мамлакатининг барча фуқароларини дарҳол озод этишни талаб қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги бош вазир расмий баёнотига асосан хабар бермоқда.

Малайзия элчихонаси маълумотига кўра, Шимолий Кореяда мамлакатнинг 11 нафар фуқароси бор.

Малайзия ҳукумати раҳбари мамлакат миллий хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини ҳам чақирди. Бу КХДР билан дипломатик можаро кескинлашгач, рўй берди.
Таъкидланишича, Нажиб Раззоқ Шимолий Корея ҳукуматининг Малайзия фуқароларини чиқармаслик ҳақидаги қарорини “кечириб бўлмас ҳолат ва халқаро ҳуқуқ нормаларининг қўпол равишда бузилиши” дея атади.

Раззоқнинг қайд этишича, полицияга мамлакат ҳудудидан шимолий кореялик фуқароларни чиқармаслик ҳақида кўрсатма берган. “Бу биз Шимолий Кореяда бўлган барча фуқароларимиз хавфсизлигига ишонч ҳосил қилмагунимизга қадар давом этади”, - деди у.

Малайзия ва КХДР ўртасидаги дипломатик можаро Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг ўгай акаси Ким Чен Намнинг Куала-Лумпур аэропортида мудҳиш қотиллик оқибатида ўлдирилганидан сўнг авж олди. Аввалига КХДР ТИВ мамлакатда бўлган Малайзиянинг барча фуқароларига уни тарк этишни таъқиқлади. Кўп вақт ўтмай Малайзия ҳукумати ҳам шундай қарор қабул қилди.