Малайзия полицияси мамлакатга Саудия Арабистони қироли ташрифидан аввал қўлга олинган етти нафар инсон “араб давлатларидан бирининг” қироллик оиласи аъзоларига ҳужум қилмоқчи бўлганлигини маълум қилди. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар бермоқда.

"Улар араб қироллик оиласи аъзоларига Куала-Лумпурга ташрифи чоғида ҳужум қилишни режалаштирган. Биз уларни сўнгги лаҳзаларда қўлга олдик", - дея маълум қилди полиция вакили Ҳолид Абу Бакар журналистларга. У гап айнан қайси араб давлати ҳақидаги бораётганига аниқлик киритмади.

Агентлик маълумотига кўра, қўлга олиш жараёни 21-26 февраль кунлари ўтказилган. Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдул Азиз Ал Сауд эса Малайзияга 26 февраль куни ташриф буюрган.

Якшанба куни Малайзия полицияси ИШИД ва бошқа террорчилик гуруҳлари билан алоқадорликда гумонланган етти кишини қўлга олди. Полиция маълумотига кўра, қўлга олинганларнинг икки нафари ИШИД билан алоқадор бўлган ва Малайзия ҳудудида терактларни амалга оширишни режалаштирган.