«Арсенал» жамоаси бош мураббийи Арсен Венгер жамоа футболчиларига мавсум якунланганидан сўнг клубни тарк этишини айтган. Бу ҳақида SNAI Sportnews хабар бермоқда.

Италиялик журналист Танкреди Пальмери маълумотига кўра, у бугунги машғулотлар олдидан футболчиларни шу ҳақида огоҳлантирган.

Лондонликлар жамоаси раҳбарияти у билан 2 йиллик янги шартнома тузишни истаётганига қарамасдан, у клубни тарк этишга қарор қилгани айтилган.

Бундан аввалги хабарда франциялик мутахассиснинг Хитойдан тушган қулай таклифга рад жавобини бергани айтилганди.

Қайд этиш керакки, айни вақтда «Арсенал» АПЛ турнир жадвалида бешинчи ўринда кетмоқда. Шунингдек, жамоа ЕЧЛни деярли тарк этган.

Маълумот учун, Арсен Венгер «канонирлар» бошқарувида 1996 йилдан буён ишлаб келмоқда. Унинг раҳбарлигида жамоа 3 марта Англия чемпиони, 6 марта Англия Кубоги ва 6 марта Англия Суперкубоги ғолиби бўлган. Венгер 3 марта мавсумнинг энг яхши мураббийи сифатида тан олинган.