АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти кутилмаган тарзда Россия билан муносабатларда қаттиққўл сиёсат юрита бошлади. Бу чоралар эса Европадаги иттифоқчилар томонидан олқишланмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар ёзган.

Нашрнинг ёзишича, Трампнинг сайловдаги ғалабаси «Россиядагиларга хурсандчилик келтирган, Европада эса ташвиш уйғотганди». Аммо энди барчаси ўзгарган.

«Сайловолди кампанияси ва ҳокимиятнинг Трамп қўлига ўтиши жараёни вақтида Россия ҳақида юмшоқ оҳангда гапирилаётган, НАТО ва иттифоқчилар манзили томон эса танқидлар ёғилаётганди. Аммо Трамп вазифасини бажаришга киришгач, у ўзига Кремль билан муносабатларда кескинлик тарафдори бўлган бир қатор шахсларни ўзига ёрдамчи қилиб тайинлади. Аввалига президент улар билан ҳамфикр эмасдек кўринаётганди. Лекин кейинги вақтларда Трамп НАТОни қўллаб-қувватлаш ҳақида кўпроқ гапира бошлади, хусусан, ўтган ҳафтада АҚШ конгрессидаги мурожаатида», — дейилади нашр хабарида.

WSJ нашрида ёзилишича, Москва билан муносабатларда кескин танқидлар Трампнинг Европа ва Россия  масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиши кутилаётган Фион Ҳилл томонидан ҳам билдирилмоқда.

Нашрнинг баҳолашича, «ҳокимият янги кучлар қўлига ўтгач, вазият кутилмаган йўналишда ўзгарди ва эндиликда бу ҳолат Россияда тревога юзага келтириб, Европада хурсандчиликлар билан кутиб олинмоқда».

Мақолада ёзилишича, Вашингтон европалик дипломатларни Шарқий Европа давлатларини, хусусан Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришига ишонтирган.

«Биз ягона позиция бўйича жадал ҳаракатланмоқдамиз. Энди ҳеч ким АҚШ Россия билан йирик битим тузиши ҳақида ўйламаяпти», — дея номини сир тутишни истаган европалик дипломатлардан бирининг сўзларини келтирган WSJ.

Нашрнинг қайд этишича, экспертлар ҳозирча Трампнинг «ҳақиқий ниятлари»ни била олишмаяпти. У бунгача Россия билан келишиб ишламоқчи экани ҳақида билдириб келаётганди.

NBC News телеканали ва Wall Street Journal газетаси ўтказган сўровномаларга кўра АҚШ фуқароларининг 38 фоизи америкаликлар президенти ва Россия раҳбари муносабатлари «ҳаддан ташқари дўстона» деб ҳисоблайди. Яна 29 фоиз киши бундай фикрга қўшилмайди. Қўшма Штатлар аҳолисининг учдан бири — 32 фоизи эса бу борада муносабат билдиришни истамаган. 

Яна бир сўровномага кўра эса америкаликларнинг тўртдан уч қисми Россия томонидан таҳдид мавжуд деб билиши маълум бўлганди.