Америка Қўшма Штатлари Жанубий Кореяда ракеталарга қарши мудофаа тизимларининг илғор THAAD комплексларини жойлаштиради. Бу Корея республикасининг КХДР баллистик ракеталаридан ҳимояланиш қобилиятини мустаҳкамлайди. Оқ уй расмий вакили Шон Спайсер шундай баёнот берди, деб хабар қилмоқда Reuters.

Унинг сўзларига кўра, КХДР томонидан 4та баллистик ракеталарнинг учирилиши фитнали ҳаракат ҳисобланади ва АҚШ иттифоқчилари билан бирга ушбу таҳдидга қарши чиқади. 

«Трамп маъмурияти Шимолий Кореянинг баллистик ракеталаридан ҳимояланиш бўйича қобилиятимизни оширишга қаратилган ҳаракатларни амалга оширади. Жанубий Кореяда THAAD батареясини жойлаштириш шулардан биридир», — деган  Спайсер.

Жанубий Корея президенти в.б. Хван Гё Ан, КХДР 4та баллистик ракета учирганидан сўнг, АҚШга мурожаат қилиб, зудлик билан ярим оролда РҚМ тизимларини жойлаштиришни сўраган эди.