Сальвадор футбол федерациясининг собиқ президенти Рейнальдо Васкес 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади.

Ушбу амалдор 2015 йил декабрида Халқаро футбол федерациясидаги (ФИФА) коррупция иши бўйича мамлакат полицияси томонидан ҳибсга олинганди. 

У ФИФА томонидан ташкил этилган ўйинларга медиа ҳуқуқни сотишда пора олганликда айбланган 16 нафар мансабдордан бири бўлганди.

Сальвадор суди уни ФИФАдаги коррупция можаросида, ташкилотга аъзолик ҳамда ижтимоий маблағларни ўмаришда, 204 ходимнинг суғурта маблағларини ўзлаштирганликда айбдор деб топган.

Суд Васкесга қамоқ жазосидан ташқари 400 минг доллар миқдорида жарима тўлаш ҳукмини тайинлаган.

Судланувчи суд қароридан норозилигини билдирган, у апелляция билан мурожаат қилади.

Васкес Сальвадор футбол федерациясини 2009—2010 йилларда бошқарган. У АҚШда ҳам 2014 ва 2018 йилги ЖЧ ўйинларини ёритишдаги медиа ҳуқуқни сотиш бўйича 5та ҳолатга алоқадорликда айбланган.