Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида юритиладиган тиббий ҳужжатларни мувофиқлаштириш тўғрисида»ги буйруғи қабул қилинди. Бундан мақсад бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ходимлари иш самарадорлигини янада ошириш ҳисобланади.

Буйруққа кўра, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари, яъни кўп тармоқли марказий поликлиникалар, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида юритиладиган журналлар  100тадан 20тагача қисқартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ахборот хизматининг «Кун.uz»га маълум қилишича, тиббиёт ходимининг асосий вазифаси ҳужжат тўлдириш эмас, аҳоли билан кўпроқ мулоқот қилиб, касалликларнинг олдини олиш, даволашдир.

Соғлиқни сақлаш вазирининг ушбу буйруғи бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ходимларининг ҳужжат тўлдиришдан кўра аҳоли билан кўпроқ мулоқот қилишини таъминлаш, профилактик ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида қабул қилинди. Мазкур буйруқ февраль ойидан кучга кирди ва шу муносабат билан, вазирликнинг бир қатор буйруқлари ўз кучини йўқотди.

«Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигига тўлдирилиши лозим бўлган тиббий ҳужжатларнинг кўплиги сезиларли таъсир кўрсатаётган эди. Мисол учун, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида юзга яқин тиббий ҳужжатлар юритилар, бу эса тиббиёт ходимини амалий ишдан кўра ҳужжат тўлдиришга кўп вақт сарфлашига олиб келарди», дейилган вазирлик хабарида.