АҚШ президенти Дональд Трамп ўз ичига 6 та давлат фуқароларига АҚШга вақтинчалик киришни тақиқловчи иммиграция ҳақидаги янги фармонни имзолади. Бу ҳақда Оқ уйга иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда. Фармоннинг тўлиқ матни Оқ уй сайтида жойлаштирилган

Оқ уйда маълум қилинишича, янги фармонга кўра  аксарият аҳолиси мусулмонларни ташкил қилувчи 6та давлат – Эрон, Ливия, Сурия, Сомали, Судан ва Яман фуқароларига АҚШга 90 кунга киришга тақиқлов сақланиб қолади.

27 январда чоп этилган фармондан фарқли, янги фармондан Ироқ номи олиб ташланди. Бунга эса Ироқ ҳукумати йўловчиларни текширишда барча зарур хавфсизлик чораларини амалга оширгани сабаб сифатида келтириб ўтилди. Бу Ироқ фуқароларига АҚШга киришга имкон беради. 

Оқ уйда қўшимча қилинишича, янги фармонда юқоридаги 6 та давлат фуқароси бўлган ҳамда грин-картага эга ва АҚШда доимий яшашга рухсати бор одамларга АҚШга кириш тақиқланмаслиги кўрсатилган.

АҚШга кўчирилиши маъқулланган қочқинлар АҚШга кела олишади. Шунингдек, аввалги фармондан Суриядан қочқинларни қабул қилиш номаълум муддатга тақиқланиши ҳақидаги банд олиб ташланди.