Венесуэла Ташқи ишлар вазири Делси Родригес Перу президенти Педро Кучинскини қўрқоқ ва ит деб атади.

Бундан олдинроқ Перу президенти АҚШга ташрифи вақтида Принстон университетида нутқ сўзлаб, Лотин Америкасини АҚШ учун муаммолар туғдирмайдиган "итоаткор ит" деб атаганди.

"Жаноб Кучински, сиз - қўрқоқ ва Шимолий Америка империализмига хизмат қиладиган ягона итоаткор итсиз", дея Родригес хонимнинг сўзларини келтирган VTV канали.

Родригеснинг сўзлари Лимада (Перу пойтахти - таҳр.) кескин норозиликларни келтириб чиқарган. Душанба куни Перу ТИВ Каракасдаги элчи Марио Лопесни маслаҳатлашув учун зудлик билан чақириб олиш ҳақида қарор чиқарган ва мамлакат президентининг бундай ҳақоратланишига норозилик билдирган.

Кўп ўтмасдан Делси Родригес Бразилияни дунё шармандаси деб атаган.

"Бугун биз шуни айтишимиз керакки, афсуски, Бразилия дунё учун шармандалик. Ҳар куни унинг сиёсатчилари Дилма Руссеффни ағдаришганидек яна бир можаро бошламоқчи бўлишади", дея Родригеснинг сўзларини келтиради Nacional портали.

Вазирнинг сўзларига кўра, Бразилиядаги барча сиёсатчилар бузуқилардир ва уларнинг фош бўлиши давом этади.

"Агар уларнинг президенти бўлмаса, вазирлари ёки конгресменнлари коррупция ботқоғига ботган, бу шунчаки коррупция концерти. Бу ҳолат уларни ташвишга солмайди, чунки, империалистик кучлар уларга қизил гилам тўшаб қўйган", деган Родригес Каракасда ўтган Уго Чавес номидаги аксилимпериалистик саммит вақтида.

Бразилияда айни вақтда сиёсий ва иқтисодий инқироз кузатилмоқда. Бунга сабаб бир томондан нефть нархлари кескин пасайиши, бир томондан собиқ президентга импичмент бўйича можаролар. Ўтган йилнинг майида Бразилия раҳбари Дилма Руссефф 180 кун муддатга лавозимидан четлатилганди. Вице-президент Мишел Темер вақтинчалик президент сифатида янги ҳукуматни шакллантирди. Август ойида сенат Руссеффнинг импичменти учун овоз берди.