Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳрида Марказий разведка бошқармасининг хакерлик маркази мавжуд. Бу ҳақда WikiLeaks маълумотига асосланган ҳолда Spiegel Online хабар берди.

Олинган материалларга кўра, хакерлар базаси АҚШнинг Германиядаги консулхонасига жойлаштирилган ва улар Яқин Шарқ, Африка ва Европанинг бошқа мамлакатлари бўйлаб ҳаракатланишади. Ушбу мутахассислар Германияга дипломатлар ниқобида келиб кетишади.

Маълум қилинган ҳужжатлар орасида кибержосуслар учун қўлланмалар мавжуд бўлиб, унга кўра, марказ ходимлари ҳеч қачон назоратдан четда бўлмайди. Шу билан бирга уларга маълум миқдорда алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилишга рухсат этилган.

WikiLeaks сайтида МРБ ходимларига тегишлилиги айтилган мингга яқин ҳужжат нашр қилинган. Бу эса америкаликлар бутун дунё бўйлаб интернет фойдаланувчиларини кузатиб боришига далил сифатида кўрсатилган.

Февраль ойида WikiLeaks АҚШ махсус хизматлари Германиянинг уч нафар канцлерини кузатгани ҳақида, шунингдек, 2012 йилда Франциядаги сайловлар вақтида номзодлар ортидан жосуслик қилингани ҳақидаги маълумотларни ошкор этганди. Эълон қилинган ҳужжатларга кўра, америкаликлар европалик сиёсатчиларнинг алоқалари, партияларнинг ички муҳити, бизнес-доиралар билан алоқалар, молиялаштириш манбалари ҳақида маълумотлар тўплашга қизиққан.