Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) душанба куни дунё миқёсида 5 ёшгача бўлган болалар ўлимининг чорак қисми носоғлом ёки ифлосланган муҳит билан боғлиқлиги ҳақида маълум қилди. Сув ва ҳавонинг ифлосланиши, тутунлар ва гигиенага амал қилмаслик шулар жумласидандир. GulfNews шу мавзудаги мақоласини тақдим этди

Бундай аксилсанитария ва ифлосланган муҳит ичбуруғ, безгак ва зотилжам касалликлари натижасида ҳаётдан кўз юмишгача олиб келиши мумкин, бу бир йилда 1,7 миллион боланинг ўлимига сабаб бўлмоқда, дейилади ЖССТ ҳисоботида.

"Ифлосланган атроф-муҳит ҳалокатлидир, айниқса кичик ёшдаги болалар учун, - дейди ЖССТ бош директори Маргарет Чен. - Уларнинг ривожланаётган органлари ҳамда иммун тизими, шунингдек нафас йўллари ифлос сув ёки ҳаводан катта зарар кўриши мумкин". 

"Барқарор дунёни мерос қолдириш: Болалар саломатлиги ва атроф-муҳит атласи" ҳисоботида ЖССТ салбий таъсир онанинг қорнидаёқ бошланиши, кейин эса давом этиши мумкинлиги маълум қилди. 

Шунингдек ҳавонинг ифлосланиши астма каби сурункали касалликлар хавфини оширади. Ҳисоботга кўра, ифлос ҳаво юрак-қон томир касалликлари, инсульт ва саратон касалликларига йўлиқиш хавфини оширади. 

Бундан ташқари, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари, сув ва  ҳаво орқали зарарли кимёвий моддалар таъсири остида қолиши мумкин. 

ЖССТ эксперти Мария Нейра ҳукуматларни болалар учун барча жойларни хавфсизлантиришга чақирди. 

"Саломатликка экологик хавф солувчи омилларни бартараф этишга сармоя киритиш - сув сифатини яхшилаш ёки ёқилғининг нисбатан тоза туридан фойдаланиш соғлиқ учун сезиларли фойда беради", - деди у. 

Жорий йил бошида ЖССТ ҳавонинг ифлосланиши йилига 3 миллион кишининг эрта ўлимига олиб келишидан огоҳлантирган эди.