АҚШнинг Миссисипи штатида юк поездининг автобус билан тўқнашиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий полиция бошлиғи Жон Миллерга иқтибос келтирган ҳолда WLOX нашри хабар бермоқда.  

Миллернинг маълум қилишича, воқеа АҚШ вақти билан 7 март соат 14:15да Билокси шаҳридаги темийр йўл переездида юз берган. 

Унинг таъкидлашича, автобус Техас штатидаги Остин шаҳридан келаётган бўлган, унинг ичида аксариятини кекса ёшлилар ташкил қилган 50 йўловчи бўлган. 

Гувоҳларнинг айтишича, автобус темир йўл рельсларидан ўтиш вақтида тўхтаб қолган. Бироқ Миллер буни тасдиқламаган. Поезд автобус билан тўқнашгандан кейин уни яна бир неча метрга суриб борган. Автоҳалокат сабаблари ҳозирча номаълум.

Ўт ўчирувчилар автобуснинг ичидаги одамларни ойналардан чиқариб олишларига тўғри келган. Яна 35 киши жароҳат олган ва улар шифохоналарга етказилганлар.

Юк поезди 27 та юкланган ва 25 та бўш вагондан иборат бўлган, у Янги Орлеан шаҳридан Алабама штатига келаётган бўлган.