Европа чемпионлар лигасининг 1/8 финал жавоб учрашувлари бугун ҳам давом эттирилади. Дастлабки учрашувларнинг энг сенсацион натижаси сифатида қаралган учрашувнинг иккинчи қисми бугун Каталонияда бўлиб ўтади. Tribuna.Uz куннинг энг асосий учрашувига тўхталиб ўтади.

БАРСЕЛОНА – ПСЖ (9 мартга ўтар кечаси, 00:45, UzReport, Матч ТВ)

Уч ҳафта олдин Парижда бўлиб ўтган учрашув бутун дунё жамоатчилиги ҳайрат кўчасига етаклади. «ПСЖ»ни плей-оффда қолдириб кетиш бўйича мутахассис «Барселона» қақшатқич зарба қабул қилиб олди. Эндиликда Лионель Месси ва Ко ҳеч бир жамоа уддалай олмаган ишни бажариб кўришга ҳаракат қилади. Қачондир шу каби тарих ёзилиши керак. Балки буни айнан «Барселона» бошлаб берар, буни бугун билиб оламиз.

Ўйиндан олдин
Барселона
Шундай жамоалар бўладики, уларнинг мураббийи бўлиш электрли стулга ўтиришдек гап. «Барселона» – шундай жамоалардан бири. Бу клубга мураббий бўлиш доимий босимда туришингизга сабаб бўлади. Ҳар битта қилган ҳаракатингиз учун жавоб беришингизга тўғри келади. Луис Энрике ҳам бундан четда қолмади. Жамоа мунтазам босим остида ишлаган мураббий мавсум тугагач, жамоани тарк этишини билдирди. У шу орқали ўзидан катта босимни олиб ташлади. Энди у Каталониядаги фаолиятини чиройли якунлаб қўйиши учун ҳам бу учрашувда мутлақо кузатилмаган тарихни яратиши керак.

Испания чемпионати доирасидаги сўнгги икки учрашувни жамоа ўта муваффақиятли ўтказди. Айтиш мумкин бўлса, бугунги учрашув учун керак бўлган, яъни «Барселона»ни чорак финалга олиб чиқиши мумкин бўлган ҳисобларда ғалаба қозонилди. «Спортинг» 6:1, «Сельта» эса 5:0 ҳисобида мағлуб этилди. Учрашувгача бўлган репетициялар шу каби муваффақиятли ўтди.

ПСЖ
Парижликлар жамоаси ҳам ўтган ҳафтада 2 учрашув ўтказди. Кубок нимчорак финалидаги «Ньор»га қарши учрашув (2:0) ҳам, «Нанси»га қарши чемпионат учрашувида (1:0) ҳам жамоа катта қийинчиликларга дуч келинди. Аммо асосийси жамоанинг ҳал қилувчи голларини етакчи ҳужумчиси Эдинсон Кавани киритди. 

Йўқотишлар
Учрашувда каталонияликлар сафида Алейш Видаль майдонга туша олмаслиги аниқ. Шунингдек, Жереми Матьё ва Арда Туроннинг ҳам бу учрашувда иштирок этиши сўроқ остида қолмоқда. «ПСЖ» таркибида эса заявкага киритилмаган Гонсалу Гуэдеш майдонга туша олмайди. Тиагу Мотта, Адриен Рабио ва ҳаттоки «Парк де Пренс»да қаҳрамонлик кўрсатган Анхель Ди Мариянинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда.

Тахминий таркиблар
Барселона: 1. тер Штеген, 18. Альба, 23. Юмтити, 3. Пике, 20. Серхи Роберто, 5. Бускетс, 8. Иньеста, 4. Ракитич, 11. Неймар, 9. Суарес, 10. Месси.
ПСЖ: 1. Трапп, 12. Мёнье, 5. Маркиньос, 2. Силва, 20. Курзава, 4. Криховяк, 6. Верратти, 14. Матюйди, 10. Пасторе, 23. Дракслер, 9. Кавани.

Учрашувдан олдинги фикрлар
Луис Суарес («Барселона» ҳужумчиси):
«Париждагига қараганда бутунлай бошқача футбол кўрсатиш учун бор кучимизни ишга соламиз. Мухлисларга ҳақиқий «Барселона» қанақа бўлишини кўрсатиб қўйишимиз лозим. Бу қийин бўлиши аниқ, аммо иложсиз иш эмас. Агар қайсидир жамоа бу ишни уддалайдиган бўлса, у ҳам «Барселона» бўлади. Бизда қийин вазиятдан чиқиб кетиш учун барча сифатлар бор деб ўйлайман».

Луис Энрике («Барселона» бош мураббийи):
«Сўнгги икки ҳафтадан буён менда бу учрашувда мақсадга яқин келадиган вазиятга эга бўлишимиз мумкинлиги тасаввури тарк этмаяпти. Агар кимдир бизга қарши 4та гол киритган бўлса, биз уларга қарши 6та гол кирита оламиз. Биринчи учрашув натижаси кўп нарсани айтиб турган бўлиши мумкин, лекин бу биринчи қисмнинг якуни холос. Олдимизда 95 дақиқа бор ва унда кўп нарса ўзгариб кетиши мумкин».

Юлиан Дракслер (ПСЖ яримҳимоячиси):
«Каталонияликларнинг қандай кучга эга эканини яхши биламиз. Уйда қозонилган ғалаба бизга устунлик бермоқда, аммо жавоб учрашуви олдидан бу ҳеч нарсани англатмайди. «Камп Ноу»да жуда кўп жамоалар 5та ва ундан ортиқ тўп ўтказиб юборишган. Кўп учрашувларда кучли жамоалар ҳам 0:5 ҳисобидаги мағлубият билан бу стадионни тарк этишган. Биз ҳамма нарса бўлиши мумкинлигини билиб турибмиз ва шуни унутмаган ҳолда майдонга тушамиз».