Япония бош вазири Синдзо Абэ шу йилнинг 19 мартидан Европанинг уч мамлакатига сафарини бошлайди. У дастлаб Германияга, сўнгра Франция ва Италияга боришни режалаштирган. Абэ Либерал-демократик партия ва "Янги Комэйто" партиясидан иборат ҳукмрон коалициянинг навбатдаги кенгашида шу ҳақда маълум қилган.

"Мен ушбу давлатлар етакчилари билан халқаро ҳамжамият дуч келаётган муҳим масалаларни очиқчасига муҳокама қилишга ҳамда тинчлик ва фаровонлик учун қалин ҳамкорлик қилишга умид қиламан", - деган Япония ҳукумати раҳбари. 

NHK телеканалининг аниқлик киритишича, Абэ Европа давлатлари етакчилари билан КХДРнинг ядро-ракета дастури ва Суриядаги вазият юзасидан фикр алмашишни режалаштирган. 

Kyodo агентлигига кўра, Япония бош вазири ГФР федерал канцлери Ангела Меркель, Франция президенти Франсуа Олланд ва италиялик ҳамкасби Паоло Джентилонига Американинг янги президенти Дональд Трамп билан февраль ойида ўтказган учрашуви ҳақида сўзлаб беришни ният қилган.