Германиянинг Мюнхен шаҳрида жойлашган "İnstitut für die Welt der Türken" - "Турк дунёси институти" туркий халклар маданияти, тарихи, адабиётига оид илмий тадқиқотлар олиб борувчи обрўли халкаро илмий институт саналади. 

Ушбу институт раҳбари фан доктори, профессор Нежати Демирнинг фейсбук саҳифасида хабар беришича, 2017 йилда биринчи бўлиб Институтнинг "TURKISH WORLD CULTURAL SERVICE AWARD" - "ТУРК ДУНЁСИ МАДАНИЯТИГА ХИЗМАТИ МУКОФОТИ"га Ўзбекистон Республикаси Маънавият тарғибот Маркази "Ижтимоий-сиёсий тарғибот" бўлими мудири Саид-Абдулазиз Юсупов лойиқ деб топилган.

Ўзбекистоннинг яна бир фукароси бундай эътирофга сазовор бўлиши мамлакат илмий-маънавий салоҳиятининг юксаклигидан далолатдир.

Маълум бўлишича, Саид-Абдулазиз Юсупов ҳозирги пайтда чет элда жарроҳлик амалиёти ўтказиб, даволанишда экан.

Маълумот учун, Саид-Абдулазиз Юсупов 2016 йилда кенг жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлган “Дарё ортидаги топшириқ” - ўзбек разведка мактабининг ёрқин вакили, иккинчи жаҳон уруши тақдирини ҳал қилишда муҳим роль ўйнаган афсонавий қаҳрамон Баҳром Ибрагимов ҳакидаги ҳужжатли фильм ва халкаро терроризм моҳиятини очиб берган “Оқ ва қора” телелойиҳаси муаллифидир.