Айни дамда ҳеч ким Жануби-Хитой денгизидаги вазиятни “тўлқинлантириб” юбора олмайди, дея маълум қилди Хитой ташқи ишлар вазири Ван И чоршанба кунги матбуот анжуманида.

Ван Ининг сўзларига кўра, минтақадаги вазият сўнгги пайтларда анча тинч бўлиб, бу ердаги мамлакатлар “мулоқот ва маслаҳатлашувларнинг тўғри йўлига” қайтишган.

"Агарда ҳозирда кимдир минтақадаги вазиятни тўлқинлантириб юбормоқчи ва муаммоларни келтириб чиқармоқчи бўлса, у ўз ҳаракатларига ҳеч қандай қўллаб-қувватлов олмайди, бутун минтақанинг қаршилигига дуч келади", - деди Ван И.

Хитой ва минтақанинг қатор давлатлари – Япония, Вьетнам ҳамда Филиппинда денгиз чегаралари ва Жануби-Хитой ҳамда Шимоли-Хитой денгизларидаги маълум бир ҳудудлар бўйича турли қарашлар бор. Хитойнинг фикрича, Филиппин ва Вьетнам минтақада босимни кўпайтириш учун АҚШ кўмагидан фойдаланмоқда. 2016 йилнинг июлида Ҳаагадаги ҳакамлик судининг доимий палатаси Филиппиннинг даъво аризасига кўра, Хитой Жануби-Хитой денгизида ҳудудий даъво учун ҳеч қандай асосга эга эмаслиги ҳақида қарор чиқарди. Суд Спратли (Наньша) архипелагидаги баҳсли ҳудудлар ороллар эмас ва иқтисодий зоналарни ташкил қилмайди, деган қарор чиқарди. Хитой бу қарорни тан олмади.