Хитой Жанубий Кореяни "хато йўлдан юрмаслик" ва ўз ҳудудига америкаликларнинг THAAD ракетага қарши мудофаа тизимини жойлаштирмасликка чақирди. Бу ҳақда Хитой ТИВ раҳбари Ван И матбуот анжуман вақтида айтиб ўтган.

Хитой ТИВ раҳбари фикрича айни вақтда Хитой ва Жанубий Корея муносабатлари мураккаблашмоқда.

"Сир эмаски, THAAD — хато йўл. Қўшнилар бир-бирини қўллаб-қувватлаши керак… Биз Жанубий Кореяга воқеалар ривожи бундай кетишига йўл қўймасликни маслаҳат қиламиз… Хитой Жанубий Кореяни THAAD тизими жойлаштирилишини тўхтатишга чақиради", — деган Ван И.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ томонидан Жанубий Корея ҳудудига THAAD жойлаштирилиши — Пекин ва Сеул муносабатларига таъсир этувчи катта муаммога айланади. У бу ҳаракат Корея ярим ороли чегараларидан ўтиб, Хитой хавфсизлигига ҳам таъсир қилишини таъкидлаган.

7 март куни АҚШ Жанубий Кореяда THAAD ракетага қарши мудофаа тизимини жойлаштиришга киришди ва мазкур тизимнинг дастлабки қисмларини белгиланган манзилга етказди.

АҚШ қўмондонлиги THAAD тизимлари фақат мудофаа мақсадини кўзлаши ва бошқа давлатлар учун хавф туғдирмаслигини билдирмоқда. Улар атмосфера ва унинг ташқарисида кичик ҳамда ўрта масофага учувчи баллистик ракеталарни йўқ қилишга мўлжалланган.