Индонезияда аёл шимда бўлгани учун унга шилқимлик қилган эркакка айблов қўйилмади

Жамият 08 Март 2017 12627
Фото VIVAnews

Индонезия пойтахти Жакарта шаҳри яқинида автобусда ўз ёнида ўтирган аёлга тегажоғлик қилган шахс қўлга олинди. Жабрланувчи полицияга ушбу шахс унинг оёқларини ушлаб, шилқимлик қилганидан шикоят қилган. Аммо ҳуқуқ-тартибот органлари ушбу ҳаракат шилқимлик эмас деб хулоса чиқаришган. Coconuts Jakarta нашрида ёзилишича, полициячилар аёл шим кийгани учун шундай қарорга келишган.

Автобус ҳайдовчисининг қайд этишича, ушбу шахс жамоат транспортида биринчи марта аёлларга тегажоғлик қилиши эмас. У қўлга олинаётган вақтида ҳамроҳининг белидан ушлаганини инкор қилмаган.

Жакарта жиноий қидирув бошқармаси раҳбари Бамбанг Эдининг сўзларига кўра, ушбу ҳодисани жинсий зўравонлик сифатида баҳолаб бўлмайди.

"Ушбу эркак бу аёлга у ёнида ўтиргани учун тегиниб кетган. Бундан ташқари, аёл узун шим кийганди. Агар у юбкада бўлганида ёки эркак унинг жинсий аъзоларига тегинганида буни жинсий зўравонлик сифатида қайд этиш мумкин бўларди", деган полиция вакили.

Шу билан бирга полициядагилар ҳали ушбу гумонланувчи ҳали қўйиб юборилмагани, қўйиб юборилган тақдирда ҳам уни 24 соат давомида кузатишлари ҳақида қўшимча қилган.

Шу кунларда Индонезияда Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан аёллар марши ўтказилмоқда. Баъзи фаоллар ижтимоий тармоқлар орқали ушбу ҳодиса бўйича норозилик билан муносабатлар билдириб ўтишган. Улар нафақат жинсий аъзоларга тегиниш, балки инсоннинг розилигисиз ҳар қандай тегинишни зўравонлик деб ҳисоблаш шартлигини қайд этиб ўтишган.

Кўпроқ янгиликлар