Ироқ Қуролли кучлари қўшни мамлакатлар ҳудудларида жойлашган ИШИД позицияларига иккиланмасдан зарба беради. Бу ҳақда Ироқ Қуролли кучлари бош қўмондони Ҳайдар Ал Ободий баёнот берди. 

"Мен қўшни мамлакатлар ҳудудидаги террорчиларга зарба бериш борасида ҳеч қачон иккиланмайман. Биз уларга қарши курашни давом эттирамиз", - деган Ал Ободий. Шу билан бирга, унинг қайд этишича, расмий Бағдод бошқа давлат суверенитетини ҳурмат қилади. 

Февраль ойи охирида Ироқ ҲҲК Суриянинг Ироқ билан чегарадош Албу-Камал ҳудудидаги террорчиларга ҳаво зарбалари берган эди. Ўшанда амалиёт икки мамлакат разведкаларининг олий даражадаги ҳамкорлиги натижасида амалга оширилгани ҳақида сўз борганди. Бағдод маълумотларига кўра, йўқ қилинган террорчилар Ироқ пойтахтидаги қўпорувчиликларга алоқадор бўлган.