АҚШлик боксчи Флойд Мэйуэзер яқин орада ирландиялик аралаш кураш жангчиси, Мутлақ жангчилик чемпионати (UFC) чемпиони Конор Макгрегор билан жангга шартномани имзолаб, уни Конорга факс орқали жўнатмоқчилигини айтди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

"Макгрегор жанг қилишни истамаяпти. Агар у ҳақиқатда буни истаса, унда шартномани имзоласин. Шахсан мен жанг қилмоқчиман ва шартномани бугун кечки пайт имзолаб, уни факс орқали Конор Макгрегорга жўнатаман. Кўрамиз у шартномани имзолармикин?", деб айтган 39 ёшли боксчи.

"Ҳозир эса у фақат акиллашдан бошқасига ўтмаяпти. Ҳужжатларни олиб, шартномани имзолаганингдан кейин тишлашга имкониятинг бўлади. У менинг номим орқасидан машҳурликка эришмоқда ва қолган жангчилар ҳам шундай қилишмоқда. Буни ўз вақтида Пакьяо ҳам қилганди. Балки бундай қилишни бас қилишар", деб қўшимча қилди Флойд.

Бундан ташқари, америкалик Англияда автомобилининг ёқиб юборилгани ҳақидаги гапларга ҳам изоҳ бериб ўтди. "Менинг барча автомобилларим АҚШда, бироқ менга бу ҳикоя ёқди, чунки уни бутун дунёда эшитишди. Яхшигина реклама бўлди, раҳмат", деб айтган боксчи.