Ўтган йилнинг февраль ойи охирларида Янгийўл туманидаги бозор ҳар доимгидек одамлар билан гавжум эди. Бу ерда кимдир яхши ниятда рўзғорига ул-бул харид қилишга, яна кимдир эса, ўзи етиштирган ёки тайёрлаган маҳсулотини сотишга келган, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Яна қайсидир кимсалар бу ерда ноқонуний фаолият ортидан мўмай даромадни кўзлаб, изғиб юрибди. Мўмин Турдиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) нимадандир безовта бўлаётган ўрта ёшлардаги аёлни илғаб қолди. Уни қўлдан чиқармаслик кераклигини англаб, фурсатни бой бермай аёлга яқинлашди.

-  Синглим, нимадан безовтасиз? Балки, ёрдамим тегиб қолар...

-  Менга олти минг АҚШ доллари керак, - деди аёл.

-  Бу муаммони ечишда мен сизга ёрдам бераман, - деб Мўмин уни бир чеккага имлаб чақирди, сўнг телефонида ҳамтовоғи Фурқат Маллаев билан гаплашди. – Жўражон, бир синглимга анавидан керак бўлиб қолди, ёрдам қилиб юбормасанг бўлмайди.

Улар кечки пайт кўришишга келишиб, хайрлашдилар. Шоҳиста айтилган жойга етиб келганида М.Турдиев телефонда гаплашган таниши Ф.Маллаев билан туришган экан. Ўша ернинг ўзида 6 минг АҚШ долларини аёлнинг қўлига тутқазган Мўмин ундан олган 39 млн. 600 минг миллий валюта қийматликларининг тахламларини санай бошлади ва хотиржам оҳангда тўғри, деб жилмайди.

Бироқ, улар воқеа жойини тарк эта олмадилар. М.Турдиев билан Ф.Маллаевнинг 6 минг АҚШ долларини ноқонуний айирбошлаш операцияси СВОЖЖДЛҚК департаментининг Янгийўл туман бўлими ходимлари томонидан “барбод” қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман суди томонидан ҳар иккала судланувчига энг кам ойлик иш ҳақининг эллик баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.