Атроф ғира-шира бўлиб, энди тун чўкаётган маҳал эди. Қаердандир келаётган Ҳасаннинг ёнидан икки киши сумка кўтариб ўтди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

-  Бу ерда қанча? – деди бири.
-  Ўн беш миллион сўм.

Улар шу йўл четида турган “Кобальт” автомашинасига яқинлашди. Сумкаларнинг машинанинг орқа ўриндиғига жойлаштиришди. Бири машинага ўтирди. Иккинчиси хайрлашиб ортга қайтди. Пулнинг дарагини эшитган Ҳасаннинг хаёли бузилди. У зумда бу пулларни ўғирлашни мақсад қилди. Шоша-пиша такси тўхтатди.

-  Мана шу “Кобальт”нинг ортидан ҳайданг, - деди.
-  Нега унинг ортидан? – ҳайдовчи ҳайрон бўлди.
-  Қарзи бор эди, бермай юрибди, уйига бориб сўрамоқчиман.

Улар ҳеч нарсадан бехабар Далернинг ортидан кузатиб келишаверди. Шаҳардан чиқиб, кўча четида тўхтаган “Кобальт” ҳайдовчиси дўконга кириб кетди.

Таксини тўхтатган Ҳасан унга “кетаверинг” деб имо қилди. Ўзи атрофни кузатиб, машинанинг орқа ойнасига куч билан урди. Ойна сингач, орқа ўриндиқда турган сумкани олиб, воқеа жойини тарк этди.

Бироздан кейин чиққан Далер қараса, машинасининг ойнаси синган, пул эса йўқ эди. Дарҳол ички ишлар ходимларига хабар қилди.

Ҳасан уйига етиб келиб пулларни санаб, ширин хаёллар сурди. Бироқ унинг қувончи узоққа чўзилмади. Ички ишлар идораси ходимлари унинг бармоқ изларидан шахсини аниқлаб, дарҳол қўлга олишди.

Суд аввал ҳам икки бор жазога тортилган Ҳасан Атаевнинг қилмишига яраша жазо тайинлаб, ҳукм ўқиди.