Венгрияда стартаплардан бири барча хоҳловчиларга атиги 6 минг доллар эвазига оддий шаҳар автомобилидан замонавий автопилотли (ўзи ҳаракатланувчи) автомобиль ясаб беришни таклиф қилмоқда. AImotive стартапи қимматбаҳо лидарларни унутиб, машинага оддий компьютер камераларини ўрнатишни тавсия қилаяпти. 

Сунъий ақл ва камералар хариталари жойлаштирилмаган янги жойларда ҳаракатланишда жуда қўл келади. Бироқ, янги технологиянинг нуқсонлари ҳам йўқ эмас. Масалан, қор ёки ёмғирли ҳавода бу каби автопилотлар атрофни унчалик ҳам аниқ ажрата олмайди. 

Умуман, ташқи томондан машина бошқа автомобиллардан фарқланмайди, аммо юкхонаси турли асбоб-ускуналар билан қисман тўлади. Ахир, доимий равишда камералардан олинадиган тасвирларни қайта ишлайдиган кучли компьютерни қаерга ҳам жойлаштириш мумкин. 

Бундан ташқари, AImotive мутахассислари автомобилларни турли тўсиқларни айланиб ўтишга ўргатадиган симуляторни ҳам ишлаб чиқишган. Улар, ҳозирда, ўз маҳсулотларини синовдан ўтказишни бошлашган. Бироқ, лицензияси бўлмагани сабабли, полигондан ташқарига чиқа олишмаяпти. Бироқ, таъкидланишича, автомобиль ер ости автотураргоҳда ёмон натижа кўрсатмаган.