Женевада БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва бошқа халқаро ташкилотларнинг 34-сессияси майдонларида Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлганининг 25 йиллигига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Тадбирда қатор халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, академик ва экспертлик доиралари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда "Жаҳон" ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Брифингда инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов ҳисобот билан чиқиш қилди. Иштирокчилар эътиборига мамлакатда сиёсий, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги тизимли ва босқичма-босқич ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. Улар Ўзбекистоннинг БМТ муассасалари билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлиги асосий йўналишлари билан таништирилди.

Меҳмонлар Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси билан танишишди. Шунингдек “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг тақдимоти ҳам ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссари бошқармаси раҳбарияти Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили доирасида Ўзбекистонда қабул қилинган чора-тадбирларга юқори баҳо берди. Ўзбекистонга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш соҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканликлари билдирилди.

Женева Дипломатик доираси президенти Роберт Блум мамлакатда халқ фаровонлигини ошириш, фуқароларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини таъминлашга йўналтирилган ислоҳотларга ижобий баҳо берди. Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, буларнинг барчаси мустақиллик йилларида қонун устуворлиги асосида ўрнатилган очиқ ва барқарор сиёсий тизим туфайли амалга ошган.

Р.Блумнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда иқтисодиёт, саноат секторини модернизация ва диверсификация қилиш, транспорт-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, ўрта ва кичик корхоналарни қўллаб-қувватлашда тизимли ислоҳотларни ўтказиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилган.  

- Мамлакат белгиланган мақсад – ривожланган демократик давлатлар орасида муносиб ўринни эгаллаш, сиёсий ва иқтисодий тизимларни яхшилаш, халқнинг эркин ва фаровон ҳаётини таъминлашга изчил ҳаракат қилмоқда

Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари ҳам Ўзбекистон ва ХМТнинг ўзаро қўшма ҳаракатлари туфайли меҳнат соҳасидаги асосий принциплар ва ҳуқуқларни илгари суришда анча яхши натижаларга эришилганини билдиришди. 

Таъкидланишича, ХМТ Ўзбекистон делегацияси жорий йилнинг июнь ойида ўтказиладиган Халқаро меҳнат анжуманининг 106-сессиясида иштирок этишини кутмоқда.